Ойнатош чўққисига сафар

Шанба куни Пском водийсидаги Ойнатош чўққисига сафар қилдим. Чангларни ювиб кетган ёмғир ва қорлардан кейин ҳаво жуда ёқимли бўлди. Сафарни Бўстонлиқ туманининг Муллало қишлоғидан бошладик. Қишлоққа Урунғочга кетадиган йўлдаги Қорабулоқ постидан ўтгандан сўнг ўнгга юрилиб, кичик кўприкдан ўтиб кирилади.

Муллалода асосан тожик миллатига мансуб аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқ номи ҳам тожикчадан “муллалар” маъносини билдиради. Шу ерлик кишиларнинг айтишича, қадимда қишлоқда муллалар кўп бўлган экан.

Соат 9 да қишлоқдан бошланувчи сўқмоқ бўйлаб сафарни бошладик. Сўқмоқ ёнғоқзор, олмазор боғлар оралаб ўтган. Ёнғоқлар ғарқ пишибди. Оёқ остига роса тўкилибди. Юқорироқдаги олма дарахтлари остига ҳам роса мевалар тўкилибди.

Ёнғоқзордан юқорига, тоғнинг бел қисмига кўтарилиш билан атрофдаги тоғлар яққол кўрина бошлайди. Бир тарафдан Чорвоқ сув омбори, бошқа тарафдан Пском водийси, тўғридан Чадак, Падар чўққилари кўринади. Олдинда эса Ойнатош чўққиси.

1800 метр баландликдаги деярли ҳар бир тошдаги ажойиб чизгилар эътиборимни тортди. Тошларда қадимги денгиз жониворларининг қолдиқлари акс этганди. Олимларнинг таъкидлашича, бу жойлар миллион йиллар аввал Тетис океани остида бўлган. Океан чекиниб, тоғлар юзага келган. Тоғда вулқон отилиб, қадимги жонзотлар қолдиқлари лавага ёпишиб, қотган.

Ойнатош Пском тизмасидаги чўққи бўлиб, баландлиги 2552 метр. Ҳақиқий чўққи маҳаллий аҳоли Ойнатош деб атайдиган чўққидан 150 метр юқорида. Ойнатош баландлиги 500 метр, узунлиги 1000 метр келадиган учбурчак шаклдаги яхлит, 70 градусдаги текис плита бўлиб, қуёш нури тушганда ярқираб кўринади. Шу боис ҳам Ойнатош деб номланган.

Ойнатош чўққисигача етиб бориш осон эмас. Умуман олганда сафар бошланадиган жойдан то чўққигача 1000 метр баландликка чиқиладиган ҳар қандай чўққига чиқиш осон кечмайди. Ойнатошгача эса 1550 метр баландликка кўтарилиш керак. Чўққининг энг қийин жойи текис плитанинг қирғоғидан юқорига кескин кўтарилиш бўлди. 2400 метр баландликда чўққининг қиррали жойлари бошланади. Ҳақиқий чўққигача эса яна бир километр юриш керак.

Гарчи қиррали тошлар устидан юрсак ҳам кўтарилиш бўлмагани учун бемалол юрдик. Ҳақиқий чўққига кўтарилиш кунга тескари бўлгани учун қор ҳали тўлиқ эримаган экан. Шу боис кўтарилиш қийин кечди. Чўққи устига чиқиб эса, яна ҳайратландим. Ойнатош устидан фарқли ўлароқ, ҳақиқий чўққи тош-тупроқли рельеф бўлгани учун бўйим баробар ўсимликлар ўсиб ётибди. Чиққунча кийимларим, ичим тикончалару қичишқоқ уруғларга тўлди.

Сафар давомида 4 та фаслни кўришга муваффақ бўлдим. Юқорида 20 сантиметрлик қор устидан юрдим. Қўйлар қўралаган жойларда қор эриб, остидан яшил ўсимликлар, майда гуллар унибди. Мевалар пишиб, офтоб қизитиб, ёзни эслатади. Дарахту буталар, оёқ остидаги мўл кўкатлар олтин рангга бурканган.

 

Тошкент – Бўстонлиқ – Муллало – Ойнатош

2022 йил 22 октябрь

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *